Катта эҳтимол билан Apple Music номини оладиган Apple’нинг янги стриминг мусиқа хизмати ижрочилар учун ижтимоий тармоқни ҳам ўз ичига олади. Бу ҳақда, саноатдаги манбаларга асосланиб, 9to5Mac портали хабар бермоқда.
Мусиқачилар ижтимоий тармоқда ўз саҳифаларини очиб, у ерда, мисол учун, қўшиқлардан намуналарни, фотосуратлар, видеоклиплар ёки концертларнинг анонсларини жойлаштиришлари, шунингдек, ҳамкасбларининг ижод намуналарини баҳам кўришлари мумкин. Ўз навбатида, тингловчилар iTunes’даги аккуантдан фойдаланган ҳолда юлдузларнинг хабарларига изоҳ қолдиришлари, уларни «лайк» қилишлари мумкин. Айни вақтда, тингловчилар ижтимоий тармоқда ижрочиларникидек саҳифаларни оча олишмайди.
Apple ўзининг янги сервисини июнь ойи охирида ишга туширишни режалаштирмоқда, лойиҳанинг илк тақдимоти 8 июнь куни WWDC конференциясида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Тахминларга кўра, Apple Music пуллик хизмат бўлади, бироқ, илк ишга тушган вақтида синов тариқасида фойдаланиш учун бепул версияси ҳам таклиф қилинади.
Изоҳ (0)