Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтган янги кўприкнинг эни 26, узунлиги қарийб 500 метрни ташкил этади. Абдулла Қодирий кўчасининг ҳар бир йўналиши тўрт полосали қилиб кенгайтирилди. Бу ҳақда Президент Ислом Каримов кўприкни кўришга борганида айтиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Шу пайтгача Себзор кўчасининг ўтказувчанлик имконияти соатига 3200 автомобилни ташкил этган бўлса, 6 қаторли кўприк қурилиши самарасида бу кўрсаткич 9800 тага етади. Абдулла Қодирий кўчасида ҳам энди автомобиллар қатнови 2400 тадан 5600 тага ортади. Бу нафақат ушбу чорраҳадаги тирбандликни бартараф этади, балки Нурафшон, Абай, Олмазор, Зулфияхоним, Қорасарой, Сағбон, Зарқайнар, Навоий, Сақичмон кўчаларидаги қатновга ҳам ижобий таъсир қилади.
Эътиборлиси, шундай катта чорраҳада биронта ҳам светофор йўқ. Йўловчилар ҳам, автомобиллар ҳам бу ерда тўхтовсиз ва хавфсиз ҳаракатлана олади.
Кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун 102 ва 111 метрлик иккита ер усти ўтиш йўлаги барпо этилди. Уларга чиқиб-тушиш учун зинапоя билан бирга эскалатор ва лифт ҳам қурилган.
Изоҳ (0)