Нейрожарроҳ Бен Карсон АҚШ президентлиги учун ўз номзодини қўйишини маълум қилди. У бу ҳақда 3 май, якшанба куни Флорида штатидаги WPEC-TV телеканали орқали қилган чиқишида маълум қилди.
Бен Карсон 2016 йилги сайловда Республикачилар партияси вакили сифатида иштирок этишга умид қилмоқда.
«Мен ўз номзодимни АҚШ президенти лавозимига илгари суришимни эълон қиламан», - деди айни вақтда пенсияда бўлган 65 ёшли шифокор. «Сиёсатчи бўлмасам-да, кўпчилик менга давлат раҳбари ўрни учун курашишим кераклиги ҳақида маслаҳат берди», - дея қўшимча қилди у.
Ҳозиргача сенаторлар Тед Круз ва Рэнд Пол Республикачилар партиясидан АҚШ президентлиги учун кураш олиб бориш ниятини билдирди. Сайловларда ушбу партиядан Нью-Жерси губернатори Крис Кристи, Висконсин губернатори Скотт Уокер, сенаторлар Линдси Грэм ва Марко Рубио ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Демократик партиядан эса партиясиз сенатор-социалист Берни Сандерс, шунингдек, Ҳиллари Клинтон сайловда иштирок этиш қарорини эълон қилган. АҚШ президенти Барак Обаманинг фикрича, Клинтон АҚШнинг «аъло даражадаги президенти» бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)