Қоҳира суди 2013 йил ёзидаги оммавий тартибсизликлар вақтида полициячиларни шафқатсизларча ўлдирган беш кишини ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
2013 йили, президент Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан четлатилиб, армия кучлари ва Мурсий тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувлар авжига чиққан вақтда Қоҳира чеккасида жойлашган Кердаседаги полиция бўлинмасига аёвсиз ҳужум уюштирилганди.
Қуролланган шахслар гуруҳи гранатомётлар ва автоматик қуроллар воситасида 13 полициячини, хусусан, полиция бўлинмаси бошлиғини ҳам отиб ташлашган.
Ушбу жиноят иши бўйича 188 киши айбланаётган эди. Уларнинг 183 нафари 2015 йил февраль ойида ўлим жазосига ҳукм қилинган, қолган беш нафар гумонланувчи қидирувда эди.
Изоҳ (0)