Италия полицияси Сицилия бўғозида чўкиб кетган муҳожирларга тўла кеманинг капитанини ҳибсга олди. Meduza.io’нинг хабар беришича, Тунис фуқароси ҳисобланган денгизчига одамларни ноқонуний ташиш ва эҳтиётсизлик сабаб одамлар ўлимига сабаб бўлиш моддалари бўйича айблов эълон қилинган.
Шунингдек, кема экипажи аъзоси – Сурия фуқароси ҳам ҳибсга олинди. Унга ҳам одамларни ноқонуний ташиш айблови илгари сурилган. Қўлга олинган шахслар душанба оқшомида, қутқариб қолинган 27 нафар киши билан бирга, Сицилияга олиб келинган.
«Биз 800 киши ҳалок бўлган, деб айтишимиз мумкин», - деди, омон қолганлар билан учрашувдан сўнг, БМТнинг Қочоқлар иши бўйича олий комиссарининг Италиядаги бошқармаси вакили Карлотта Сами.
Бортида 800дан ортиқ йўловчи бўлган кема 19 апрель куни, Ливиядан Европага кетаётганида чўкиб кетган эди. Ҳозиргача 24 нафар қурбоннинг жасади топилган.
Изоҳ (0)