Facebook’даги «Potrebitel.uz» гуруҳи аъзоларидан бири Тошкентнинг Паркент бозорида этикдўзлик қилувчи Ҳамза исмли шахсга миннатдорлик билдириб хабар қолдирди.
Аёл ёзишича, 19 апрель, якшанба куни у турмуш ўртоғи билан этикдўзга ит учун тасма ясаттирган. «У буюртмамизни аъло даражада бажарди», — дея қайд этди фойдаланувчи.
Бироқ уйга қайтгач, эр-хотин пул ва ҳужжатлари солинган сумка уйда эмаслигини сезиб қолган, уни қидиришга киришишган. Сумка этикдўз Ҳамзанинг устахонасидан топилган. «У бизнинг илтимосимиз билан 20:00 да уйидан келиб, сумкамизни бус-бутунлигича қайтариб берди», — дея таъкидлади аёл.
Пост бир кечада мингдан ошиқ «лайк» ва 60 га яқин изоҳ йиғди. Изоҳ ёзганлар устани эзгу ҳаракатлари учун мақтаб, унга яхши тилаклар билдирди. Баъзилар ўзлари ҳам ҳаётда учратган яхши инсонларни эсга олди. Яна кимлардир пост муаллифини этикдўзга моддий кўринишда миннатдорлик билдирмагани учун қоралади.
Изоҳ (0)