21 март куни старт берилган ўзбек блогерлари чемпионатининг биринчи босқичига якун ясалди, деб хабар бермоқда «Xushnudbek.uz». Биринчи босқичда жами бўлиб 266 нафар блогердан аризалар келиб тушди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилги натижадан салкам икки ярим баравар кўпдир.
Биринчи босқичга келиб тушган барча ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб чиқилди. Иккинчи босқичга энг яхши натижа кўрсатган 50 нафар блогер йўл олиши керак эди. Аммо овоз бериш натижаларига кўра, 46−53-ўринларга 8 нафар блогерлар даъвогарлик қилишди ва бир хил рейтинг кўрсаткичига эга бўлишди. Бундай вазиятда қоидага кўра, барча блогерлар кейинги босқичга йўл олишди.
Иккинчи босқичда блогерлар янги, ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган блогпост тақдим этиши лозим. Ариза тақдим этишнинг сўнгги муддати – 24 апрель соат 23:59. Бундан кечиккан ишлар қабул қилинмайди ва кўриб чиқилмайди.
Иккинчи босқичда биринчисидан фарқли ўлароқ, баҳолаш тизими бироз ўзгача бўлади. Агар биринчи босқичда фақат ҳакамлар ҳайъати овоз берган бўлса, иккинчи босқичда ҳакамлардан ташқари, блогерлар ва оддий муштарийлар ҳам финал йўлланмаси соҳибларини аниқлашга ёрдам беришади. Иккинчи босқичда энг яхши натижа кўрсатган 10 нафар блогер финалга йўл олади.
Изоҳ (0)