Сўнгги кунларда мухлислар орасида «Навбаҳор»га янги бош мураббий ахтарилаётганлиги ҳақидаги гап-сўзлар кўпайиб кетди. Бу каби миш-мишлар Бахтиёр Ашурматовни Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлангач, юзага келди, деб хабар бермоқда «Uff.uz».
Гарчи Ашурматов олимпия терма жамоаси бошқарувини қўлга олган бўлса-да, «Навбаҳор» бош мураббийи сифатидаги фаолиятини давом эттиради. Барчага маълумки, жорий йилги мавсумда «Навбаҳор» муносиб тарзда иштирок этиш ва юқори ўринлар учун курашишни мақсад қилган. Айнан шу мақсадда ўтган йилги таркиб ўзаги сақлаб қолинди. Кучайтирилиши лозим бўлган чизиқларга эса янги ўйинчилар чақирилиб, улар билан шартномалар имзоланди. Ҳозирда ҳам селексия ишларини тўхтамаганлигини эътироф этиш жоиз. Ўз навбатида, мураббийлар штабини кучайтириш борасида ҳам иш олиб борилмоқда. Яъни жамоага маслаҳатчи мураббий сифатида иш юритадиган мутахассисни таклиф этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Хуллас, «Навбаҳор» янги бош мураббий қидирмоқда, деган гап-сўзлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Айни пайтда жамоани бошқараётган Бахтиёр Ашурматов «Навбаҳор» бош мураббийи сифатидаги фаолиятини давом эттиради. Жамоа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда мураббийлар штабига тажрибали мутахассис жалб этилиши мумкин. Бу борада янгилик рўй берса ёки бирор-бир мураббий билан келишувга эришилса, «Навбаҳор» клуби расмий сайти хабар беради.
Изоҳ (0)