2010 йил 5 май куни тадбиркорлик фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб қўйган фуқаро кейинчалик ишлари юришиб кетганидан сўнг ҳам муддати ўтиб кетган гувоҳномаси билан ҳеч қандай кирим ҳужжатларисиз қурилиш маҳсулотларини сотиб, даромадни кассага эмас, киссага уриб юраверди, деб хабар беради «Ҳуқуқ» нашри.
Кунларнинг бирида унинг хонадонига солиқ идораси ходимлари кириб келди. Бироз суҳбатдан сўнг, туман ДСИнинг бўлим бошлиғи ўринбосари кўнадиган йигитлардан экани малум бўлди. Ҳужжатлар расмийлаштирилди. Тадбиркор ноқонуний савдо вақтида қўлга киритиши керак бўлган 21 миллион сўмдан ортиқ ва унинг хазинасидаги 9 миллион 220 минг сўм пул ашёвий далил сифатида олиб қойилди.
Туман ДСИнинг бўлим бошлиғи ўринбосари тадбиркорнинг фаолиятида қисқа муддатли текширув ўтказди. Ушбу жараёнда тадбиркорга тегишли 312 миллион 600 минг сўмдан ортиқ маблағга тенг товар-моддий бойликлар борлиги аниқланди. Бироқ солиқ идораси ходими мансаб ваколатини суиистемол қилган ҳолда 287 миллион 160 минг сўмлик товарларни расмийлаштирмади. Бу борада тегишли ҳужжатларга ҳам сохта ёзувлар киритди.
Мазкур ҳолат фош бўлгач, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди бу икки кимсага нисбатан қонуний жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди. Унга кўра, тадбиркор икки йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик иш ҳақидан 30 фоизи давлат даромади ҳисобига ушланган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш, солиқ идораси ходими эса 3 йилга моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, унга 6 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)