Associated Press агентлиги Минскда давом этаётган «нормандча тўртлик» музокараларида кўриб чиқилаётган асосий жиҳатларни аниқлашга муваффақ бўлди, деб хабар бермоқда «Корреспондент.net».
The Telegraph газетасининг агентликка таяниб маълум қилишича, Украина ажратиш чизиғи сентябрда келишилганидек қолишини истамоқда. Россия эса айирмачилар ўзлари эгаллаган ҳудудларини сақлаб қолишини талаб қилмоқда. Техникаларни олиб чиқиш масаласида эса Россия Украинда на ҳарбийлари, на техникаси йўқлигини таъкидламоқда.
Бундан ташқари, Украина Россиядан қурол-яроғ ўтишини тўхтатиш мақсадида чегарани назорат қилишни истамоқда. Россия эса чегаранинг асосий қисмларини айирмачилар назорат қилиши лозимлигини маълум қилган. Айирмачилар назоратидаги вилоятларга мухторият берилиши масаласида Украина тайёрлигини билдирган, Россия эса мамлакат шарқи учун қўйилган молиявий тўсиқлар ҳам олинишини истамоқда.
Умуман, «норманд тўртлиги» якунда ўндан ортиқ банддан иборат ҳужжат имзолаши кутилмоқда. Музокараларга яқин дипломатик манбанинг маълум қилишича, ҳужжат қандай аталишидан қатъи назар унда вазиятни ҳал қилиш бўйича аниқ чоралар акс этади.
Изоҳ (0)