Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси – Давлат рақобат қўмитаси матбуот хизмати ўз хабарига тузатиш киритди, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Қўмитанинг 30 январь куни тонгда «Реклама бозорини тартибга солиш ишлари давом этмоқда» сарлавҳали хабарида Beeline-Ўзбекистон компанияси «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасини бузгани, шу сабаб, компаниянинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик санкциялари қўллангани ҳақида хабар берганди.
Ушбу хабар жамоатчилик орасида шов-шувга сабаб бўлиб улгурганидан сўнг, Beeline-Ўзбекистон матбуот хизмати ҳақиқатан 2014 йил кузида Давлат рақобат қўмитаси билан айнан шу масалада муҳокамалар бўлгани, бироқ қўмита компанияга нисбатан ҳеч қандай жазо чоралари кўрмагани ҳақида баёнот берди.
Шундан сўнг Давлат рақобат қўмитасининг тегишли хабаридаги сўнгги, айнан мансабдорларнинг жазоланиши билан боғлиқ жумла шундай ўзгартирилган: «Бундан ташқари, Taraqqiyot ва Istiqlol-TV телерадиокомпанияларининг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик санкциялари қўлланилди».
Изоҳ (0)