АҚШ президентининг янги самолёти Boeing 747-8 бўлади. Бу ҳақда ҳарбий ҳаво кучлари вазири Дебора Ли Жеймс маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.
«Президент самолёти АҚШнинг, шунингдек президент маҳкамасининг энг ёрқин белгиларидан биридир. Boeing 747-8 мамлакатда ишлаб чиқарилаётган самолётлар ичида бунга тўла мос келувчи ягона лайнердир, у давлат раҳбарининг ишини таъминлаш бўйича барча талабларга жавоб беради», − деди Жеймс.
Самолёт афзалликлари сифатида тўртта двигатель ва кенг фюзелаж мавжудлиги эътироф этилган. Якуний нарх ҳали эълон қилинмаган, чунки ҳарбийлар Boeing билан қатор техник деталларни келишиб олиши зарур. Шунингдек, АҚШнинг «биринчи рақамли борти» бўлиш учун Францияда йиғилувчи Airbus А380 самолёти ҳам қатнашган.
Ҳозирда Оқ уй раҳбари Boeing 747 VC-25 самолётидан фойдаланади. Жеймснинг сўзларига кўра, у ўз ишини ажойиб тарзда бажарган, бироқ техникани алмаштириш вақти келган.
Изоҳ (0)