16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Мажлисда маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўтган йил якунлари бўйича Ўзбекистонда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди:
Сўнгги беш йилда анъанавий маиший ва коммунал хизматлар улуши 16 фоиздан 9,5 фоизга тушди, юқори технологиялар асосидаги хизматлар улуши эса 21,2 фоизга қадар кўтарилди.Юқори технологияларга асосланган хизматлар орасида кейинги йилларда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари бошқа соҳаларга нисбатан жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу хизматлар ҳажми сўнгги беш йилда 3,3 баробар, ўтган йили эса 24,5 фоизга ўсди.
Иқтисодиётимиз ва жамиятимиз ҳаётида ахборот-коммуникация технологияларининг алоҳида ва муҳим ўрин тутишини ҳисобга олиб, 2013 йилда 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури қабул қилинди. Ушбу дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар 2014 йилда мамлакатимизда барча автомат телефон станцияларини рақамли тизимга ўтказишни якунлаш учун замин яратди. Бу эса халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланиш тезлигини сезиларли даражада ошириш имконини берди.
Аҳоли, жумладан, мамлакатимизнинг олис ҳудудларида яшаётган аҳолининг ахборот-коммуникация технологиялари хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, 2014 йилда юртимизда, хусусан, Қўнғирот, Бойсун, Узун, Мўйноқ каби олис туманларда 2 минг километрдан зиёд оптик толали алоқа тармоқлари барпо этилди.
Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда улар 10 миллион 200 минг кишидан ошди ёки мамлакатимиз аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этмоқда. Республикамизда интернетнинг ўтказувчанлик даражаси 4 баробар оширилди, интернетга уланиш тезлиги эса 1,5 марта ортди. Шу билан бирга, ундан фойдаланиш нархи 2013 йилга нисбатан 11,6 фоизга камайди.
Ўтган йили 500 дан ортиқ янги базавий мобил алоқа станциялари ўрнатилиши ҳисобидан алоқанинг ушбу замонавий, юқори технологияларга асосланган тизими абонентлари сони қарийб 20 миллион кишини ташкил этди, уларга кўрсатилаётган хизматлар ҳажми қарийб 26 фоизга кўпайди.
Айни пайтда қишлоқ жойларда хизматлар соҳаси ҳали-бери етарлича ривожланмаганини ҳам айтиш жоиз. Қишлоқда аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар кўрсатиш ҳажми шаҳардагидан ҳали-ҳамон сезиларли даражада ортда қолмоқда. Айни пайтда қишлоқ жойларда алоқа хизмати, банк-молия ва коммунал хизматлар соҳасини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини ҳам унутмаслик даркор.
Изоҳ (0)