Шу кунларда бўлиб ўтаётган CES 2015 кўргазмасида электроника соҳасида кўпгина қизиқарли янгиликлар намойиш этилмоқда. Мисол учун, LG компанияси ҳозирча номи ҳам йўқ бўлган антиқа мобил қурилмасини намойиш этди, деб хабар беради «Kun.uz» «Ferra.ru»га таяниб.
Бу қурилма ҳали тўлиқлигича шаклланмаган ва шунчаки Active Bending Plastic AMOLED деб аталувчи экраннинг имкониятларини намойиш қилиш учун яратилган. Бу экран ҳақиқатда ҳам жуда қизиқ ишланган: у 6 дюймли ўлчамга эга бўлиб, смартфоннинг икки ён томонига букилган. Мазкур янги Samsung Galaxy Note Edge’ни эслатиб юборади, бироқ ундан фарқли ўлароқ, экран бир томонга эмас, икки томонга букилган.
Бироқ, шу билан бирга, дисплейнинг кўрсатиш қобилияти унча катта эмас, бор-йўғи 720×1280 пикселни ташкил этади. Кўргазмада тасвирга олинган ушбу қурилманинг суратларига қараганда, қурилманинг ён томонларга букилган экран қисмларида ҳам асосий экранга ўхшаш дастурлар пиктограммаларини жойлаштирилганини кўриш мумкин.
Қайд этилишича, фойдаланувчи бу ерда ўзи учун энг зарур пиктограммаларни жойлаштириши мумкин. Ҳозирча бундай дисплейли смартфонлар қачон сотувга чиқарилиши ва қайси моделларда илк қўлланилиши номаълум.
Изоҳ (0)