Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўз қарори (pdf) билан «Навоийазот» АЖ негизида поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплекси қурилиши» инвестицион лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирларини тасдиқлади.
Ҳужжатда айтилишича, тўғридан-тўғри музокаралар натижасида «Ўзкимёсаноат» ДАКка қарашли «Навоийазот» АЖ томонидан China CAMC Engineering Cо. (ХХР) компанияси билан бир йилда 100 минг тонна метанол ишлаб чиқарадиган 439,8 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг суммадаги комплексни «тайёр ҳолда топшириш» шарти билан қуриш тўғрисида шартнома тузилган.
Қарорда шартномани молиялаштириш манбалари этиб «Навоийазот» АЖга шартнома қийматининг 15 фоизи миқдоридаги аванс тўловларини тўлаш учун «Асака» ДАТБ томонидан қайта молиялаштириладиган, 10 йил муддатга, шу жумладан 3 йил имтиёзли давр билан, йиллик 2,25 фоиз ставкали Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 65,97 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари; шартнома қийматининг 85 фоиз тўловларини тўлаш учун қайта молиялаштирувчи банкнинг йиллик 0,25 фоизли маржасини ҳам ҳисобга олган ҳолда «Асака» ДАТБ томонидан қайта молиялаштириладиган 373,83 миллион АҚШ доллари миқдоридаги узоқ муддатли имтиёзли кредитлар маблағлари белгиланди.
Изоҳ (0)