Россиянинг «Вокруг света» нашри дунёдаги энг чиройли метро бекатларини эълон қилди.
Нашрнинг рўйхатидан биринчи бўлиб Москвадаги «Комсомолская» метро бекати ўрин олди. Бундан ташқари, Россия пойтахтидаги «Киевская», «Плошчад Революции» («Инқилоб майдони») бекатлари, шунингдек, Санкт-Петербургдаги «Кировский завод» («Киров заводи») бекати ҳам ўзининг чиройи билан ажралиб туради, дейилади хабарда.
Чиройли бекатлари энг кўп бўлган Швеция пойтахти Стокгольмдаги метрони тез-тез бадиий галерея деб ҳам аташади. Кўргазма, танлов ва фестиваллар ўтказилиб турадиган мазкур метро дизайни устида 1950 йиллардан бери 140 га яқин рассом иш олиб борган.
Германиянинг Франкфурт шаҳри метрополитенининг асосий бекати «Бокенгеймер Варте»га кириш жойи ерга кириб кетган поездни ёдга солади. Мазкур ноодатий метрога кириш жойини архитектор Збигнев Питер Пинински яратган.
Италиянинг Неаполь шаҳридаги метрополитеннинг «Толедо» бекати архитектор Оскар Тускец томонидан яратилган бўлиб, сувости оламини эслатади.
Португалия пойтахти Лиссабондаги Томас Тавейра муаллифлик қилган «Олаяс» метро бекати сурат солинган рангли ойналардан иборат.
Канаданинг Монреаль шаҳрида жойлашган «Шамп-де-Марс» метро бекати эса рассом Марсел Феррон қаламига мансуб суратли ойналар билан безатилган.
Тайвандаги Гаосюн шаҳридаги «Булвар Формоза» («Формоз хиёбони») метро бекати ҳар хил рангли ойналардан ясалган диаметри 30 метрлик гумбаздан иборат. Суратда рассом Нарсисс Кволята сув, ёруғлик, ер ва оловни тасвирлаган.
Гаосюн шаҳридаги яна бир «Марказий боғ» метро бекати ҳам ўзига хос кўринишга эга. Бекатга тушиш жойида икки тарафлама ҳақиқий ўсимликлар экилган бўлиб, у кичик боғни ёдга солади.
Сингапурда 2002 йил очилган «Чанги аэропорти» метро бекати аэропорт терминалларини ҳам боғлайди. Унинг 100 минг квадрат метрдан иборат катта ҳудудида анжуманлар зали ҳам бор.
Шимолий Кореянинг Пхеньян шаҳри метрополитени 110 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, унинг «Реконструкция» бекати ўзининг мураккаб нақшлари ва улуғвор қандиллари билан ажралиб туради.
Киевдаги «Золотие Ворота» («Олтин дарвозалар») метро бекати мармар ва гранит тошлари билан безатилган.
Дунёнинг энг чиройли метро бекатлари рўйхатидан Россиядаги ҳақиқий саройга ўхшаш «Славянский булвар» («Славян хиёбони») метро бекати ҳам жой олган.
Изоҳ (0)