TripAdvisor туристик портали дунёнинг энг машҳур музейларининг анъанавий Travelers' Choice Awards рейтингини эълон қилди. Бу ҳақда Корреспондент.net хабар бермоқда.
Forbes’нинг қайд этишича, рўйхат кутилмаган кўринишга эга: машҳур Лувр музейи ҳатто кучли ўнликка ҳам кирмай, 19-поғонани банд этган. Чикагодаги унчалик таниқли бўлмаган Санъат институти эса биринчи ўринни эгаллаган.
Маълум қилинишича, рейтинг музейга ташриф буюрганлар фикрлари ва баҳоларига қараб тузилган. Хусусан, Луврнинг бундай паст поғонадан жой олишига туристларнинг катта миқдори, ниҳоятда узун навбатлар, баъзан сифати паст аудиогидлардан фойдаланилиши сабаб бўлган. Бундан ташқари, кўплаб санъат маҳсулотларига изоҳ фақат француз тилида берилгани ҳам қатор ташрифчиларга маъқул келмаган.Санъат институти (Чикаго)
Чикаго Санъат институти шаҳардаги энг машҳур жойлардан бири ҳисобланади. Музейга ҳар йили икки миллиондан зиёд киши ташриф буюради.
Санъат институтининг коллекцияси 300 мингдан зиёд экспонатдан иборат.
Муассасанинг импрессионизм, постимпрессионизм ва Америка рассомчилигига бағишланган заллари бошқа бўлимларга нисбатан кўпроқ эътиборни тортади.Миллий антропология музейи (Мексика)
Ташрифчилар сони бўйича Лотин Америкасида биринчиликни эгаллаган Миллий антропология музейига ҳар йили икки миллиондан зиёд киши келади.
Музей Мексиканинг Колумб даврига қадар бўлган археологик ва антропологик артефактлари билан шуҳрат қозонган.
Унинг энг асосий экспонати диаметри 400 сантиметр ва қалинлиги деярли 100 сантиметрга тенг машҳур Қуёш тоши (Қуёш тақвими) ҳисобланади.Эрмитаж ва Қишки сарой
Энг қадимги музейлардан бири бўлган Санкт-Петербургдаги Эрмитажга ҳар йили уч миллионгача киши ташриф буюради. Айни дамда музей коллекцияси уч миллионга яқин экспонатни ташкил этиб, турли биноларда сақланади. Қишки сарой музей бинолари ичидаги энг чиройли ва асосий муассасадир.
Эрмитаж ўз фаолиятини 1764 йил бошлаганига қарамай, 1852 йилгача музейга фақат саноқли кишиларгина кира олган.
Пол Гетти музейи (АҚШ)
Лос-Анжелесда жойлашган Пол Гетти музейи хайрия ва санъат билан шуғулланувчи улкан Гетти Маркази (The Getty Center)нинг бир қисми ҳисобланади. Ўрта асрлар давридан ҳозиргача бўлган, асосан, Европа санъати асарларини томоша қилиш учун мазкур музейга ҳар йили 1,7 миллион киши ташриф буюради.Ўзининг ниҳоятда бой коллекциясидан ташқари, Гетти музейи санъат бўйича маърузалар, болалар ва катталар учун рассомлик мактаблари, машҳур рассом ва ҳайкалтарошлар билан учрашувлар, санъат ҳақидаги фильмлар намойиши сингари қатор маданий тадбирлар билан ҳам шуҳрат қозонган.
Музей асосчиси — америкалик Пол Гетти ўлимидан сўнг, музейга 661 миллион доллар мерос қолдиргани боис музейга кириш бепулдир.
Флоренсия академияси галереяси (Италия)
Италиянинг асосий музейи Флоренсия академияси галереяси, энг аввало, Микеланжело яратган Давид ҳайкали билан машҳурдир.Бундан ташқари, муассасада Микеланжело муаллифлик қилган бошқа санъат маҳсулотлари, XV-XVI асрларда яшаб ўтган флоренсиялик Сандро Боттичелли, Паоло Уччелло, Доменико Гирландаё кабиларнинг асарлари ҳам мавжуд.
Музейга кириш болалар учун бепулдир. 18 ёшдан катталар учун эса ҳар ойнинг биринчи якшанбасида музей экспонатларини бепул томоша қилиш имконияти яратилган.
Изоҳ (0)