17 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида сайёҳлик учун мўлжалланган дастлабки икки қаватли автобуслар ҳаракатлана бошлайди. Бу ҳақда даблдекерларни харид қилган Aznur Travel компаниясининг бош директори Улуғбек Нурматов ахборотига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Tashkent city tour деган ёзув ҳамда Ўзбекистон логотипи битилган икки автобус барча тегишли жараёнлар ва келишувлардан, шунингдек, синовдан ўтгач, ўз йўналишига чиқишга тайёр турибди.
Автобуслар ҳаракатни пойтахт марказидаги Ўзбекистон меҳмонхонасидан соат 9:00, 10:00, 12:00, 13:00, 15:00 ва 16:00 да бошлайди ва 2,5 соат мобайнида 34 километрни босиб ўтади. Бунда даблдекерлар Тошкентнинг 8 та диққатга сазовор жойи ва тарихий ёдгорлиги атрофида 10—15 дақиқалик танаффус қилади.
Мазкур сайёҳлик автобуслари учун чипта нархи болаларга 15 минг сўм, катталарга 25 минг сўм, чет эл фуқаролари учун Марказий банк курси бўйича 20 АҚШ долларини ташкил этади.
Чипта бир кун мобайнида амал қилади, яъни йўловчилар исталган бекатда узоқроқ қолиш ва кун охирига қадар бошқа рейсдаги автобусда қайтиш имконига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Higer компанияси томонидан ишлаб чиқилган икки даблдекер Тошкентга декабрь ойи ўрталарида келтирилган эди. Aznur Travel компанияси бундай икки қаватли автобуслар миқдорини 15 тагача етказиб, янги сайёҳлик йўналишларини жорий этишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)