Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2 декабрь куни Хитой давлат тараққиёт банки иштирокида Ўзбекистон телекоммуникация тизимларини модернизация қилишга доир қарорни имзолади, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Ушбу қарор талабларини бажариш доирасида 2015 йилдан бошлаб Ўзбекистон телекоммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 117,6 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади.
Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг «Infocom.uz» сайтида эълон қилинган ахборотида маълум қилинишича, ушбу маблағнинг 100 миллион доллари Хитой давлат тараққиёт банки томонидан тақдим этилади.
Ушбу лойиҳалар ахборот узатиш магистрал тармоқларининг ўтказиш қувватини халқаро йўналиш бўйича 10 баробар (100 Гбит/сония), вилоят марказлари бўйича 4 баробар (40 Гбит/сония) ва туман марказлари бўйича 10 баробар (10 Гбит/сония) оширишни назарда тутади.
Шунингдек, ушбу қарор доирасида FTTx технологияси бўйича кенг полосали оптик тармоқларни ривожлантириш ҳам кўзда тутилган бўлиб, 6,9 миллион долларга Тошкент шаҳридаги абонент линияларини модернизация қилиш ва 69 минг 120 портда кенг полоса бўйлаб ахборот узатишни таъминлайдиган қурилмаларни ўрнатиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)