Кеча, 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларнинг очиқ ва ошкора ўтиши унда иштирок этган халқаро, хорижий ва маҳаллий кузатувчилар фаолияти орқали таъминланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов ўзининг халқаро ва хорижий кузатувчилар, маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказиладиган матбуот анжуманидаги маърузасида маълум қилди.
Сайловда Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган бешта халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан ҳамда 50 дан ортиқ давлатдан 300 дан зиёд кузатувчилар, шунингдек, сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчи ва ваколатли вакиллари иштирок этди.
Сайлов жараёнини кенг ёритиш, жамоатчиликка Ўзбекистонда ўтказилган сайлов ҳақида холис ва тўлиқ ахборотларни етказишда 340 дан ортиқ маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Уларнинг фаолиятига кўмаклашиш мақсадида сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ташкил этилиб, унда журналистлар учун барча шароитлар яратилди. Бу ерда қатор матбуот анжуманлари, брифинглар, семинарлар ўтказилди.
Изоҳ (0)