Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи фуқаро уй қуриш мақсадида Кўлижаббор қишлоғидаги тадбиркордан 5 тонна цемент сотиб олади. Тадбиркор цементнинг сифатига «юз фоиз кафолат бериб, ёқмаса пулини қайтариб беришини» қистириб ўтади, деб хабар бермоқда «Uz24.uz».
Сотувчининг тантилигидан хурсанд бўлган харидор ишни бошлайди. Бироқ иморатнинг пойдевори қўйиб бўлингач, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўз-ўзидан нурай бошлади.
Усталардан бири цементнинг эски эканлигини, энди пойдеворни бузиб, қайтадан бошлашга тўғри келишини айтади. Буни эшитган харидор жаҳл отига миниб, сотувчига шикоят қилади ва пулини қайтариб беришини сўрайди. Харидорни ҳовуридан тушириш мақсадида сотувчи «уни еб кўрмагани ва эскирганини билмаслигини» айтиб, ўрнига яна 5 тонна цементни бепул беришини, бу цемент «яп-янги, кечагина заводдан тўғри олиб келинганини» маълум қилиб, харидорни қайтариб юборади. Афсуски, у яна «лаққа тушган» эди.
Бир эмас, икки марта панд еган харидор ниҳоят, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб Ғиждувон туман Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятига ариза билан мурожаат этди. Жамият мутахассислари муаммони жойига бориб ўрганишди.
Хусусий тадбиркор харидорга яроқсиз цементни алдаб сотганлиги, цементдан намуна олиниб, вилоят ГОСНга қарашли лаборатория таҳлилидан ўтказилганида, у ҳақиқатан ҳам ўз кучини йўқотганлиги тасдиқланди. Жамият Кенгашининг Фуқаролик суди орқали харидорга етказилган зарар ундириб берилди.
Изоҳ (0)