Ўзбекистон ва Россия «Суффа» халқаро радиоастрономик обсерватория қурилиши бўйича лойиҳани биргаликда амалга оширишга киришди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Тошкентга ташрифи якунлари бўйича айтиб ўтди, деб ёзади UzDaily.
«Илмий-техник ҳамкорлик соҳасида энг муҳим лойиҳа — Ўзбекистон ҳудудида ‘Суффа’ халқаро радиоастрономик обсерваториясини қуриш», — дея таъкидлади Путин.
Россия раҳбари сўзларига кўра, у ўзига хос илмий тадқиқотларни амалга ошириш имконини берувчи энг йирик «RT-70» телескопи билан жиҳозланади.
«Суффа» халқаро радиоастрономик обсерватория Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Туркистон тизмаси тармоқларидаги Суффа платосида жойлашган. У Тошкентдан 250 километр, Жиззах вилоятидаги Зомин қишлоғидан 50 километр масофада жойлашган.