Жиззах вилоятида шакл ва маъносига кўра бир-бирига ўхшаш, бир хил ўзакли жой номлари ўзгартирилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича туман ҳокимликлари қошида фаолият кўрсатаётган географик иншоотларни номлаш комиссиясининг тавсиясига кўра, халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши юзга яқин жой номларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Вилоятда Янгиқишлоқ, Янгиҳаёт, Янгиобод каби шакл ва маъносига кўра бир-бирига ўхшаш, бир хил ўзакли жой номлари кўп учрайди. Бундай ҳолни барча туманларда бир нечтадан кузатиш мумкин. Бу нафақат расмий ҳужжатлар юритиш, балки аҳолининг кундалик турмушида ҳам айрим муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, эски тузумдан қолган, географик иншоотнинг мазмунига, миллий, тарихий аҳамиятига мос бўлмаган жой номлари ҳам талайгина. Вилоятда жойларнинг номланишида ўтмишда йўл қўйилган бундай камчиликларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Фориш тумани маркази Янгиқишлоқ шаҳарчаси – Боғдон, Бахмал туманидаги Янгиқишлоқ-1 қишлоғи – Меҳнатобод, Янгиқишлоқ-2 қишлоғи – Қамишкўл каби ўз тарихий номлари билан аталадиган бўлди.
Изоҳ (0)