Жаҳон банки Афғонистонни сармоя киритиш учун Осиёдаги энг ёмон давлат деб атади. Бу ҳақда Tolo News хабар бермоқда.
Банк ходимларининг фикрича, хавфсизликка таҳдид, коррупция, мамлакатнинг ислоҳотларга тайёр эмаслиги ва халқаро ёрдамнинг камайиши афғон иқтисодиётининг ривожланишига тўсиқ бўлмоқда.
Афғонистон сармояларни қўллаб-қувватлаш агентлиги Жаҳон банки маърузаси билан танишгани ва у ерда келтирилган хулосаларга эътироз билдириб бўлмаслигини маълум қилди. Шунга қарамай, Афғонистондаги мансабдор шахслар буларнинг барчасига сиёсий беқарорлик ва сайловдан сўнг чўзилиб кетган инқироз айбдор деб ҳисобламоқда.
Айрим иқтисодчилар аввал Жаҳон банкида фаолият юритган мамлакатнинг янги президенти Ашраф Ғанининг халқаро стандартларга жавоб берадиган ислоҳотлар ёрдамида вазиятни юмшатишига умид қилмоқда.
Ўтган йили Жаҳон банки 183 мамлакатнинг сармоядорлик салоҳиятини баҳолаганида Афғонистон 182-ўринни эгаллаган эди. 2014 йилда эса Жаҳон банки 189 мамлакатни баҳолади ва Қобул бу йилги рейтингда 183-поғонани забт этди.
Сармоядорлик салоҳияти бўйича тузилган мазкур рейтингда тўққиз йилдан бери Сингапур етакчилик қилмоқда.
Изоҳ (0)