Нью-Йорк ҳукумати «Райкерс-Айленд» қамоқхонаси маҳбусининг онасига 2,25 миллион доллар товон пули тўлашга рози бўлди, дея хабар бермоқда ТАСС.
Гап шундаки, Жером Мердау исмли ушбу маҳбус шу йилнинг февралида ўзи сақланаётган камерадаги ҳарорат бир неча соатлар давомида 40 даражани ташкил этиб тургани сабабли нобуд бўлган эди.
Февраль бошида кўп қаватли уйлардан бирининг томида тунни ўтказгани туфайли 56 ёшли Америка қуролли кучлари фахрийси, руҳий носоғлом Мердау ҳибсга олинган ва «Райкерс-Айленд»нинг руҳий касал маҳбусларга мўлжалланган махсус қисмига жойлаштирилган эди.
ОАВлар хабарига кўра, техник носозликлар туфайли турмадаги баъзи камераларда ҳарорат бир неча соатлар давомида 40 даражадан тушмаган. Маҳбусларнинг кўпчилиги вентиляция туйнукларини очган, бироқ Мердау бундай қилмади ва бир кишилик камерасида вафот этди. Қамоқхона ходимлари унинг жасадини бир неча соатдан сўнггина аниқлашди, қоидаларга кўра эса улар ҳар 15 дақиқада маҳбуснинг аҳволини текшириб туриши керак. Тиббий экспертиза Мердаунинг гипертермиядан вафот этганини кўрсатди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари бу иш бўйича пухта тергов олиб борилишини талаб қилди. Уларнинг айтишича, аввало, Мердауни ҳибсга олиш ўрнига унга тиббий ёрдам кўрсатилиши керак эди.
Марҳумнинг 75 ёшли онаси май ойида турма раҳбариятини масъулиятсизликда ва ўғлининг фуқаролик ҳуқуқларини бузишда айблаб судга мурожаат қилди ҳамда 25 миллион доллар миқдорида товон пули талаб қилди.
Изоҳ (0)