Тошкент ҳайвонот боғи ўзиниг 90 йиллигини нишонлади, деб хабар бермоқда Anhor.uz.
Тошкент ҳайвонот боғи 1924 йил октябрь ойи охирларида очилган эди. Унчалик катта бўлмаган 3 гектар майдонда 23 турдаги ҳайвонлар сақланган.
Ҳайвонот боғи 1997 йилда шаҳар шовқинидан узоқроқ бўлган Ботаника боғи ёнига кўчирилди. Ҳайвонлар кенг қафас, шинам ва ёпиқ павильонлар билан таъминланди. Бундан ташқари, ташриф буюрганлар яхши ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган жойлар ҳамда кўл бор.
Боғда ҳайвонларни сақлаш учун жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган шароитлар яратилмоқда. Эски қафаслар таъмирланиб, янгилари қуриляпти. Ҳозирги вақтда боғда ҳайвонларинг 373 тури вакиллари мавжуд. Шунингдек, дунёнинг турли чеккаларидан келтирилган денгиз ҳамда дарё балиқлари яшайдиган аквариум бор. Кўпгина ноёб, камёб ва экзотик ҳайвон турлари кўпайтирилиб, таркибни кенгайтириш учун уларни бошқа ҳайвонлар билан алмашиш имкониятини бермоқда.
Шу билан бирга ҳайвонот боғида бир қатор иқтисодий ва ҳайвонларни қўриқлаш билан боғлиқ муаммолар ҳам бор. Масалан, яқиндагина эркак фил юрак хуружидан нобуд бўлди, ундан аввал ошқозон-ичак касаллиги билан оғриган Тибет сигири ўлган эди. Шунга ўхшаш сабаблар билан жайрон, лама, туя ва туяқушлар ҳам нобуд бўлган. Бунга асосий сабаб ташриф буюраётган одамларнинг маданиятсизлик ва беодоблик билан қилаётган хатти-ҳаракатларидир. Улар қафасларга ҳайвонлар учун зарарли бўлган овқат, пакет ва идишларни ташлайди, ҳайвонлар эса уларни еб қўяди.
Изоҳ (0)