Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилаётган ПараОсиё ўйинларида бугун, 24 октябрда сўнгги кун мусобақалари (спортнинг олтита тури бўйича) бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси.
Эътиборлиси, енгил атлетиканинг эрталабки дастурдан ўрин эгаллаган йўналишлари бўйича ўтказилган финал баҳсларида Ўзбекистон вакиллари биттадан олтин, кумуш ва бронза медалига сазовор бўлдилар.
Делегациямиз ҳисобига навбатдаги олтин медални 400 метр масофага югуришда Фахриддин Ҳамроев келтирди. Белгиланган масофани 00:50.19 сонияда босиб ўтган мардонавор спортчимиз бир йўла ҳам Осиё, ҳам ПараОсиё ўйинлари рекордини янгилашга муваффақ бўлди.
Шу тариқа, Фахриддин Ҳамроев томонидан мазкур ПараОсиё ўйинларида қўлга киритилган олтин медаллар сони тўрттага етди. Бунга қадар тажрибали спортчимиз 200 метр, 800 метр ва 4х100 метрга эстафета югуриш мусобақаларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган эди.
Таъкидлаш жоизки, бундай кўрсаткичга сузиш бўйича бўлиб ўтган мусобақаларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Кирилл Панков ҳам эга.
Бугун ўтказилган мусобақаларда кумуш медалга Миран Сахадов сазовор бўлди. Бунга қадар биттадан олтин ва кумуш медални (4х100 метр ва 200 метр масофага югуриш) қўлга киритган Миран Сахадов бугун 400 метр масофага (Т11) югуриш мусобақасида 00:55.04 сония натижани қайд этиб, кумуш медаль совриндори бўлди.
ПараОсиё ўйинларида 800 метр масофага югуриш бўйича бўлиб ўтган мусобақада бронза медалига сазовор бўлган Сирожиддин Норов медаллар коллекциясига яна бир бронза медалини қўшиб қўйди. 1500 метр масофага югуриш бўйича ўтказилган мусобақаларда ҳамюртимиз белгиланган масофани 04:10.48 сонияда босиб ўтди.
Айни пайтга келиб Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 22 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза медали мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, ПараОсиё ўйинларида енгил атлетикачиларимиз ҳозирча жами 15 та (8 та олтин, 4 та кумуш, 3 та бронза) медални, сузиш мусобақаларида Кирилл Панков (4 та) ва Дмитрий Хорлин (3 та) жами 7 та олтин медални, дзюдо усталаримиз эса жами 9 та медални (7 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза) қўлга киритган.
Изоҳ (0)