БААга қарши учрашув (0:4)дан сўнг, Ўзбекистон терма жамоаси устози Миржалол Қосимов баҳс ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда Championat.asia хабар бермоқда.
«Бугунги ўйинда легионерларимиз жамоамизни анча кучайтирди. Қатар билан баҳсда, асосан, ёшлар ўйнаганди. Баҳрайнга қарши учрашувда эса легионерлар энди келганди. Ёдингизда бўлса, Янги Зеландияга саккиз кун тайёрлангандик.
Бугун ҳам БАА билан бошқача ўйин бўлишини кутгандим. Йигитлар бир-бирларига кўникишлари учун бироз вақт керак эди. Бу вақт ўтди ва биз ўз ўйинимизни кўрсата олдик», — дея гап бошлади бош мураббий.
«Ўртоқлик учрашуви бўлганлиги учун ўзгаришлар бўлиши аниқ эди. Ўтган сафар Сайфиевни биринчи марта Баҳрайнга қарши чап қанотда синаб кўргандим, бугун ҳам уни айнан шу ерда ўйнатдим. Сабаби БАА кучли рақиб ҳисобланади», — деди Миржалол Қосимов.
Бош мураббий биринчи голдан сўнг, футболчилар марказда тўпни жуда тез рақибга бериб қўяверганини айтиб, бу хатолар устида ишланиши кераклигини қайд этди.
«Умуман олганда, ёмон ўйин бўлгани йўқ. БАА жуда кучсиз ўйнади, деб айтмаган бўлардим. Ўйинни кўрмасдан туриб ҳисобни эшитганлар Ўзбекистон жуда зўр ўйнабди деб ўйлаши мумкин, лекин аслида қийин ўйин бўлди. БАА ҳам гол уриши мумкин эди, биз эса ўзимизга берилган имкониятларни кўкка совурмадик.
Декабрь ойидаги ўртоқлик учрашувларида 5-4-1 ва 5-3-2 каби тактикаларни ҳам синаб кўришимиз мумкин. Осиё Кубогида кучли рақиблар ўйнайди, шу боис турли тактикаларга тайёр туришимиз керак. Масалан, Австралия терма жамоасини олайлик, улар кўпинча иккинчи қаватда ўйнайди, табиийки ҳужумлар қанотдан уюштирилади. Бундай пайтда, қанот ҳимоячиларимиз ўйинидан фойдаланамиз, рақиб бизга қандай ўйин таклиф этса, шунга қараб ҳимояланамиз», — деди мураббий.
Миржалол Қосимов ноябрь охирида Тошкентда бир ҳафталик йиғин ўтказилишини, декабрь ойи бошида чемпионатларини тугатган легионерлар терма жамоа сафига келиб, қўшилишини маълум қилди: «Масалан, Анзур Исмоилов, Жепаров. Россия ва Украинадаги легионерларимиз эса йиғинга кечроқ қўшилади».
Изоҳ (0)