Кеча Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида 17-Осиё ўйинлари ўз якунига етди. Қитъанинг тўрт йилликдаги энг нуфузли мусобақаси уч ҳафта давомида спорт ишқибозларини ўзига мафтун этиб турди, деб хабар беради Olamsport.
Бу галги Осиё ўйинларида 45 та давлат спортчилари 36 та спорт тури бўйича медаллар учун курашди. Шулардан 28 таси олимпия, саккизтаси ноолимпия спорт турларидир. Табиийки, Осиё олимпиадасида кўплаб қитъа ва жаҳон рекордлари ҳам қайд этилди.
Якунда кутилганидек, Хитой терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Норасмий рўйхатда Чин юрти вакиллари жами 342 та медални қўлга киритди. Шулардан 151 таси олтин медаль эканлиги эътиборга молик.
Хитойдан кейинги ўринларни эгаллаган Жанубий Корея, Япония ва Қозоғистон терма жамоаси қўлга киритган жами олтин медаллар ҳам Хитойнинг олтинларига тенглаша олмади. Шунингдек, хитойликлар 108 та кумуш, 83 та бронза медалига ҳам эгалик қилди.
Мезбонлар 79 та олтин, 71 та кумуш, 84 та бронза жами — 234 та медаль жамғарди. Япония терма жамоаси эса роппа-роса 200 та медаль билан уйга қайтди. Шулардан 47 таси олтин, 76 таси кумуш, 77 таси бронза медалидир.
Қозоғистон терма жамоаси 17-Осиё ўйинларида ўз рекордларини янгилади. Улар 28 та олтин, 23 та кумуш, 33 та бронза медалига эга чиқди. Уларнинг умумий медаллари 84 та бўлди.
Ўзбекистон спортчилари эса ўз имкониятлари даражасидан паст натижа қайд этди. Боксдан олтин медаль кутилганди. Лекин баъзи вазиятда ҳакамларнинг нохолис қарори, бундан ташқари, қитъада бокснинг ривожланиб кетганлиги туфайли олтин медаль насиб қилмади, деб ёзади Olamsport.
Ўзбекистонлик спортчилар Инчеондан жами 44 та медаль билан қайтди. Ўзбекистон тўққизта олтин, 14 та кумуш, 21 та бронза медали жамғариб, умумжамоа ҳисобида 11-ўринни эгаллади.
28 та давлат терма жамоалари уйларига Осиё ўйинларининг камида битта олтин медали билан қайтди. 37 та давлат терма жамоалари эса ҳеч бўлмаганда битта бронза медалини қўлга киритди. Шу билан Инчеон шаҳри мезбонлик қилган 17-Осиё ўйинлари ҳам тарих саҳифаларидан жой олди.
Изоҳ (0)