Халқаро валюта фонди (ХВФ) ва Жаҳон банкининг 10—12 октябрь кунлари Вашингтонда бўлиб ўтадиган анъанавий учрашуви арафасида ХВФ бошқарувчи директори Кристин Лагард Жоржтаун университетида нутқ сўзлади, дея хабар бермоқда Euronews.
Ўзининг у қадар оптимистик бўлмаган нутқида Лагард дунё иқтисодиётининг бундан олти ой аввал умид қилинганидан анча заиф бўлиб чиққанини таъкидлади. «Қайта тикланиш содир бўлмоқда, бироқ бу биз ўйлагандан кўра кучсизроқ. Биз 2015 йилда мўътадил ўсишни прогноз қилмоқдамиз. Башорат қилинаётган ўсиш даражаси пасайтирилди», — деди у.
ХВФ директорининг огоҳлантиришича, айрим давлатлар ишсизлик ва давлат қарзини камайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширмаса, секин ривожланиш даври чўзилиб кетиши мумкин.
«Ривожланган иқтисодиётлар ичида шубҳасиз АҚШ ва Буюк Британия етакчилик қилади. Улар янада кўпроқ кучларини ишга солиши керак. Қайта тикланиш Японияда, айниқса евроҳудудда жуда заиф бормоқда, у ердаги вазият турли мамлакатда турличадир», — деди Кристин Лагард.
Изоҳ (0)