Apple iPhone 6 Plus смартфонининг осон қийшайиб қолиши ҳақидаги миш-мишлар сабаб Samsung ўзининг Galaxy Alpha смартфони ундан яхшироқ эканлигини таъкидлаб, твит қолдирди. Бу ҳақда Phonearena.com сайти маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
iPhone 6 Plus’ни шимнинг олд чўнтагида қолдириб, бирор соат автомобиль ҳайдалгандан сўнг, смартфон қайрилиб қолаётгани ҳақида аввал хабар берилган эди. Шундан сўнг, #bendgate хештеги билан бутун дунёда iPhone 6 Plus гаджетини масхара қила бошлашди. Улардан айримларини ушбу мақолада кўришингиз мумкин.
Шунингдек, Samsung компаниясининг Буюк Британиядаги бўлими ҳам Apple’ни мазаҳ қилиш мумкин бўлган, бундай имкониятни қўлдан чиқармади. Компания ўзининг Twitter’даги аккаунтида «Galaxy Alpha + тор шим = муаммо йўқ» дея твит қолдирди. Бундан тушуниш мумкинки, Samsung Galaxy Alpha смартфони тор жинси шимнинг чўнтагида сақланса ҳам, у iPhone 6 Plus’га ўхшаб қийшайиб қолмайди.
Изоҳ (0)