Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Рақамли технологиялар бўйича комиссияси 2017 йилга бориб дунё аҳолисининг ярми интернетдан фойдаланиш имконига эга бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда Korrespondent.net нашри хабар бермоқда.
Бундай кўрсаткичга смартфонлар ва планшетлардан кенг фойдаланиш эвазига кенг полосали мобил тармоқ ёрдамида эришилади. Экспертларнинг таъкидлашича, ушбу боғланиш усули инсоният тарихидаги энг тез ривожланаётган технология ҳисобланади.
Бундай алоқа туридан фойдаланиш имкониятига эгалар сони тобора ортиб бормоқда ва 2019 йилга бориб уларнинг сони 7,6 миллиард кишига етиши тахмин қилинмоқда. Ҳозирги кунда мобил кенг полосали тармоқдан фойдаланувчилар сони анъанавий стационар тармоқ фойдаланувчиларидан уч баробар кўп. Жумладан, 1,9 миллиард одам у орқали ижтимоий тармоқлардан фойдаланади.
Ҳозирги кунда интернетдан сайёрамизнинг 40% аҳолиси фойдаланмоқда. Йил охирига бориб 2,9 миллиард одам бундай имкониятга эга бўлиши тахмин қилинмоқда. 2013 йилда эса уларнинг сони 2,3 миллиард одамни ташкил қилган.
Кенг полосали тармоқдан фойдаланиш бўйича жаҳонда биринчи ўринни Жанубий Корея эгаллайди (оилалар ҳисобида) – бундай тармоқ мамлакат аҳолисининг 98 фоизини қамраб олган. Умуман интернетга уланган аҳолисининг улуши бўйича эса 96,5 % аҳоли билан Исландия биринчи ўринда туради.
Изоҳ (0)