Осиё ўйинлари гуруҳ босқичи, сўнгги тур учрашувлари якунига етди. Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси Афғонистонга қарши майдонга тушди ва йирик ҳисобда ғалабага эришди. Бу ҳақда Uff.uz хабар бермоқда.
Ҳисоб 6-дақиқадаёқ очилди. Егор Кримец гол киритиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Шундан сўнг ҳам бир неча бор гол уриш учун имкониятлар юзага келди. Хусусан, 31-дақиқада Владимир Козак чиройли услубда Воҳид Шодиевни дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқариб юборди. Аммо Воҳид тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлашда хатога йўл қўйди ва такрорий уриниш билан ҳам дарвозани ишғол қила олмади.
Орадан бироз вақт ўтиб, Воҳид Шодиев барибир ўз мақсадига етди. Ўзбекистон терма жамоаси бурчакдан тўпни ўйинга киритиш имкониятига эга бўлди. Жамшид Искандеров тўпни чиройли услубда жарима майдончасига етказиб берди. Тўп шундоқ ҳам дарвозага кириб кетадигандек туюлган бир вақтда Воҳид Шодиев бош билан зарба бериб, иккинчи голни киритишга муваффақ бўлди.
Иккинчи бўлимда Фаррух Сайфиев ҳисобни йирик кўринишга келтириб қўйди. Ниҳоят 86-дақиқада Игор Сергеев ҳам гол киритишга муваффақ бўлди. Чап қанотдан Акбар Исматуллаев етказиб берган тўпни Сергеев дарвозага жойлади.
Учрашувнинг қўшимча дақиқалари бошланган вақтда Воҳид Шодиев фақат бош билан эмас, оёқ билан ҳам гол ура олишини исботлади. Яна чап қанотдан уюштирилган ҳужум натижасида тўп рикошет бўлиб, Шодиевнинг оёқлари остига тушди ва тажрибали ҳужумчи якуний зарба беришда адашмади.
Шу тариқа, Ўзбекистон гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб олди.
Гуруҳдаги бошқа бир учрашувда Гонконг терма жамоаси Бангладешни 2:1 ҳисобида мағлуб этди ва гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритди.
Осиё ўйинлари, «Б» гуруҳи (3-тур)
Афғонистон — Ўзбекистон: 0:5
Голлар: Егор Кримец 6, Воҳид Шодиев 42, Фарруҳ Сайфиев 50, Игорm Сергеев 86, Воҳид Шодиев 90+1
Афғонистон: Муҳаммад Фардин, Фахриддин Ҳорун, Фарзод Ғулом, Раҳаллоҳ Иқболзода, Мустафо Азацой, Канишка Тоҳир, Фейсал Шайистон, Санжар Муҳаммад, Жалолиддин Шаритёр, Амириддин Муҳаммад, Муҳаммад Ҳошими
Ўзбекистон: Элдорбек Суюнов — Салим Мустафоев, Ислом Тўхтахўжаев (Шерзод Файзиев, 65), Егор Кримец, Бобур Йўлдошев — Сардор Рашидов (Фаррух Сайфиев, 47), Фозил Мусаев (Акбар Исматуллаев, 48), Владимир Козак, Жамшид Искандаров — Игорm Сергеев, Воҳид Шодиев.
Изоҳ (0)