Ўзининг депутатлик ваколатларини топширишга қарор қилган Россия Федерацияси Давлат Думаси депутати Алина Кабаева «Национальная Медиа Группа» холдинги директорлар кенгашига раислик қилади, деб хабар бермоқда «РБК» портали.
«Национальная Медиа Группа» холдинги жамоатчилик кенгашини олти йил мобайнида бошқарган Кабаева Алина Маратовна холдинг директорлар кенгаши раиси лавозимини эгаллаш ҳақидаги таклифни қабул қилди, дейилади Кабаева ахборот хизматида тарқатилган хабарда.
Унда қайд этилганидек, «Федерация Кенгаши аъзоси мақоми ва РФ Федерал Мажлисининг Давлат Думаси депутати мақоми тўғрисида»ги қонун мазкур ишни депутатлик фаолияти билан биргаликда олиб боришни кўзда тутмайди. «Шу сабабли депутатлик мандатини муддатидан аввал топшириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди», — деб қайд этди Кабаева ахборот хизмати.
«Национальная Медиа Группа» матбуот хизмати ҳам мазкур маълумотни тасдиқлади. Матбуот котибининг хабар беришича, яқин кунларда ўтказиладиган холдинг акциядорлари йиғилишида директорлар кенгашидаги ўзгаришлар тасдиқланади.
Давлат Думасининг регламент бўйича қўмитаси Кабаеванинг депутатлик ваколатларини муддатидан аввал топшириш борасидаги мурожаатини кўриб чиқиб, қуйи палатага мурожаатни маъқуллашни тавсия қилди.
Изоҳ (0)