АҚШда бўлиб ўтган IMTS – халқаро ишлаб чиқарувчилар кўргазмасида 3D принтердан чиқарилган ва ҳайдаш мумкин бўлган дунёдаги илк автомобиль тақдим этилди. Бу ҳақда Mashable нашри маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Бу автомобиль Strati деб номланади ва уни Local Motors компанияси ишлаб чиқарди. Компания раҳбарининг сўзларига кўра, яқин келажакда ўзимизга ёққан автомобиль дизайнини танлаб, буюртма қиламиз, кун оҳиригача уни ишлаб чиқаришади ва биз автомобилимизни уйга миниб кетишимиз мумкин бўлади.
Strati автомобили электр ёрдамида ҳаракатланади. У бир марта қувватлангач 190 километр юриши ва 65 км/соат тезликка чиқиши мумкин. Local Motors раҳбари Жей Рожерс, Tesla электр автомобилларни машҳур қилди, биз эса автомобилни бутунлай ўзгартирмоқдамиз, дейди.
Ушбу автомобиль лойиҳасини ишлаб чиқиш учун 18 ой вақт керак бўлган, 3D принтердан чиқариш учун эса 44 соат вақт сарфланган.
Ford Motorс компанияси битта автомобиль ишлаб чиқариш учун 5000–6000 дона деталдан фойдаланади. Strati учун эса бор-йўғи 49 та детал етарли бўлган ва ушбу автомобиль қисмлари орасидан мотор, ўриндиқ ва ғилдираклар ҳам ўрин эгаллаган.
Ҳозирда Strati автомобилларини катта йўлларда ҳайдаш учун рухсат берилмаган. Аммо ёпиқ жойларда ҳайдаш мумкин. Ушбу автомобиль 2016 йилдан сотувга чиқиши ва нархи 18–34 минг доллар атрофида бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)