Украинадаги «Баткившчина» партияси етакчиси Юлия Тимошенко Ғарб давлатларининг Россия Федерациясига қарши айни дамда амал қилаётган узоқ муддатли санкцияларини самарасиз деб ҳисоблаб, қисқа муддатли, бироқ кўпроқ «оғриқли» чоралар жорий қилиш таклифини илгари сурмоқда. Бу ҳақда «Сегодня» хабар берди.
«Узоқ муддатли санкциялар Европа компанияларини заифлаштиради, аммо Путинга таъсир қилмайди. Агрессорни музокара олиб бориш учун ҳеч бўлмаганда бир лаҳзага тўхтатиб қола оладиган қисқа муддатли, бироқ ҳақиқатан ҳам кучли санкциялар киритиш керак», — деди Тимошенко.
Бундан ташқари, «Баткившчина» партияси етакчиси Ғарбни Украинани қуроллантириб, НАТОга қабул қилишга чорлади. «НАТОга йўлни бугуноқ бошлаб, уни иложи борича қисқа қилиш лозим», — деб таъкидлади Тимошенко.
Унинг сўзларига кўра, уруш бошланишидан аввал Украинанинг НАТОга қўшилиши борасидаги ғояни мамлакатнинг 13—15 фоиз аҳолиси қўллаб-қувватлаган бўлса, бугун мазкур кўрсаткич 70 фоиздан ошган.
Эслатиб ўтамиз, 11 сентябрь, пайшанба куни Европа Иттифоқининг 28 давлати 12 сентябрдан Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий қилиш ҳақида қарор қабул қилган эди. Шу тариқа, Евроиттифоқнинг РФга қарши янги санкциялари 12 сентябрь куни кучга кирди.
Изоҳ (0)