Европа иттифоқининг Россияга қарши янги санкциялари ҳақидаги қарор расман эълон қилинмайди ва Украина шарқидаги яраш сулҳи тугамагунича кучга кирмайди. Бу ҳақда Еврокомиссиянинг юқори мансабдаги амалдори «Европейская правда» нашрига анонимлик шарти билан маълум қилди.
«Ушбу санкциялар тақдири асосан президент Порошенкога боғлиқ. Агар у Украина шарқида тинчлик битимини тузиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш мумкин деб топса, Евроиттифоқ ҳам санкциялар кескинлигини камайтириш йўлидан бориб, уларни эълон қилмайди», — дея аниқлик киритди амалдор.
Унинг айтишича, янги санкциялар ҳақидаги қарор Украина томонидан яраш сулҳи тугатилгани эълон қилинса, чоп этилади. «Бироқ бундай қарор Евроиттифоқ аъзоларининг махсус розилигини талаб этади», — дея қўшимча қилди у.
Евроиттифоққа аъзо мамлакатлар ўтган уч кун давомида ҳар куни ўз позицияларига аниқлик киритмасдан, санкциялар киритиш ҳақида қарор қабул қилишни ортга суриб келаверди.
Таъкидлаш жоиз, санкция жорий қилишни блоклаб қўйиш учун битта давлатнинг қаршилиги етарли бўлади.
Изоҳ (0)