5 сентябрь куни Барселона аэропортидан парвозни бошлаган екатеринбурглик сайёҳлар самолётида ёнғин содир бўлди. «Трансаэро» авиакомпаниясига тегишли мазкур лайнер бортида бўлган россияликлар сўзларига кўра, самолёт учиш йўлагидан кўтарилаётганда қаттиқ қасир-қусур овози эшитилган. Бу ҳақда «Вести» хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, бортнинг чап томонида ўтирган йўловчилар самолёт ердан кўтарилиши биланоқ чап двигателдан чақнаган олов гувоҳи бўлган. «Аланга тўрт метрга яқин узунликда эди», — деди йўловчилардан бири.
Бу вақтда учувчилар «Боинг»нинг бузилган двигателини ўчирган, йўловчиларга аэропортга қайтишга қарор қилинганини айтиб, улардан ўз жойида қолишларини сўраган.
Бироқ самолёт қўниши учун ёқилғининг барчасини сарфлаш лозим бўлган. Натижада лайнер бир соат атрофида денгиз бўйлаб парвоз қилган.
Бир двигатели ишламаётган самолёт ғира-шира пайтда аэропортга қўнганда, уни фавқулодда ҳолат хизматларига тегишли кўплаб машиналар кутиб олди.
Лайнер йўловчилари эса бир кун ўтиб, Москва орқали Екатеринбургга жўнатилган. Ura.ru портали маълумотига кўра, самолёт бортида 171 киши бўлган.
«Трансаэро» вакиллари ахборотига кўра, олов ўнг двигателдаги носозлик унинг иш фаолиятидаги газ-динамик чидамлиликнинг бузилиши натижасида юзага келган. Айни дамда бу носозлик сабаблари махсус комиссия томонидан ўрганилмоқда.
Авиакомпания ходимларининг таъкидлашича, самолёт двигатели текширув учун уни ишлаб чиқарган General Electric компаниясига жўнатилади.
Бортда бўлган авиакомпания ходимларидан бири йўловчиларнинг совуққонлигидан ҳайрон бўлганини маълум қилди. Унинг айтишича, ҳодиса содир бўлган вақтда йўловчилар тинчлик сақлаган ҳолда расм ва видеога олиш билан банд бўлган. Шундай видеороликлардан бири YouTube’га жойланган.
Изоҳ (0)