Россия Фанлар академиясининг Москва шаҳридаги Биологияни ривожлантириш институти олимлари кўз пардаси ҳужайралари орқали асаб ҳужайраларини тиклашга муваффақ бўлди. Мазкур янгилик «Тиббиётда ҳужайра технологияларининг янги усуллари» номли биринчи Бутунроссия симпозиумида эълон қилинди, деб хабар бермоқда Chto-proishodit.ru.
Бир қанча тадқиқот ишларини олиб борган олимлар асаб ҳужайраларини қайта тиклаш учун марказий нерв тизимининг исталган қисмидаги асосий ҳужайралар инъекциясидан фойдаланишни таклиф қилмоқда.
Россия Фанлар академияси олимлари асаб ҳужайраларининг тикланишини каламушлар миясида синаб кўрди. Тадқиқот натижасида олимлар нафақат ҳужайралар тикланиши, балки миянинг айрим соҳадаги фаолияти яхшиланганини ҳам аниқлади.
Шунингдек, жароҳатланган кўз пардаси билан амалга оширилган тадқиқот ҳам ижобий натижа берди. Кўчириб ўтказилган ҳужайралар туфайли нейронлар жавоб бериш вазифаси тикланди.
Бироқ олимлар одамнинг жароҳатланган орқа мияси ҳужайралар кўчириб ўтказилганда қандай жавоб қайтариши ҳақида ҳозирча аниқ маълумотга эга эмас. Улар бу борада тадқиқот ўтказиб, ижобий натижага эришсагина, олимларнинг ҳужайраларни кўчириш асаб толалари тикланишида ишончли йўл эканлиги ҳақидаги фикри ўз исботини топади.
Изоҳ (0)