Давлат ва ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Украина — НАТО комиссиясининг биргаликдаги баёноти маълум қилинди. Унда Украинани қўллаб-қувватлаш ва унинг хавфсизлигини кучайтириш эълон қилинди. Бу ҳақда Korrespondent.net хабар берди.
«Биз бугун учрашаётган пайтда Россия Украина суверенитети, яхлитлиги ва мустақиллигини бузмоқда. Россия буни инкор этаётган бўлса-да, рус қуролли кучлари Украинадаги бевосита ҳарбий операцияларда ишга солинмоқда; Россия Украина шарқидаги жангариларга қурол етказиб беришда давом этмоқда; У ўзининг Украина билан чегарасида минглаб жангга шай қўшинларини сақламоқда. Воқеаларнинг бундай ривожи Украина хавфсизлигига таҳдид солади ҳамда бутун Евроатлантика минтақаси барқарорлиги ва хавфсизлиги учун жиддий оқибатларни келтириб чиқаради», — дейилади баёнотда.
Давлат ва ҳукумат раҳбарлари Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳамжиҳатлик билан қўллаб-қувватлашини билдирди. Баёнотда шунингдек «Қримнинг ноқонуний равишда ‘босиб олиниши’» ҳамда Украина шарқидаги вазиятнинг Россия томонидан атайлаб беқарорлаштирилиши қораланади.
Баёнотда таъкидланишича, НАТО мамлакатлари Қримнинг босиб олинишини тан олмайди.
«Россия шарқий Украинадаги жангариларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши, Украина чегараси бўйлаб ўз ҳарбий ҳаракатларини бас қилиши ва қўшинларини олиб кетиши, шунингдек Украинага нисбатан ҳар қандай тажовуздан ўзини тийиши керак. Иттифоқдошлар Россиянинг Украина ҳудудидаги ҳар қандай бир томонлама ҳарбий ёки вайронкорона хатти-ҳаракатларига халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб қарайди», — дея қайд этилди баёнотда.
Изоҳ (0)