Россия президенти Владимир Путин «Селигер» ёшлар анжуманида мамлакатнинг катта можароларга қўшилмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда «ИТАР-ТАСС» хабар бермоқда.
«Мен шуни айтишим мумкинки, Россия катта кўламдаги можароларга қўшилишдан анча йироқда. Биз буни хоҳламаймиз ва уни амалга оширмоқчи ҳам эмасмиз», — дейди РФ раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг ядро ва қуролли кучлари анча ихчам ва самарали, замонавий қуролланиш тизимлари билан таъминланганлик нуқтайи назаридан эса замон талабларига жавоб берадиган даражага эга бўлиб бормоқда. «Биз мазкур салоҳиятни оширишда давом этамиз», — деди Путин.
Россия президенти бу ишлар кимнидир қўрқитиш учун эмас, хавфсизлик ва осойишталикни ҳис қилиш, шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги режаларни бажариш учун имконият яратиш мақсадида амалга оширилаётганини қайд этди.
«Биз доим Россияга нисбатан қилинадиган тажовузни қайтаришга тайёр туришимиз керак. Бизнинг ҳамкорлар ўзларининг давлатлари қандай ҳолатда бўлиши ва қайси ташқи сиёсий концепция билан иш юритишидан қатъий назар, биз билан қуролли можароларни амалга ошириш бўйича боғланмаслик лозимлигини тушуниб етишлари керак», — деди РФ раҳбари.
Изоҳ (0)