Қозоғистонда мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев эълон қилган ҳукуматни қайта ташкил этиш ишлари натижасида бешта янги вазирлик тузилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар бермоқда.
Нурсултон Назарбоев вазирлар маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишида «12 вазирлик ва 30 қўмитадан иборат янги ҳукумат тузишга қарор қилдим», — деб таъкидлади.
Аввалги 17 вазирлик, тўққиз агентлик, 54 қўмита ва 272 департаментнинг айримлари янги вазирлик сифатида бирлаштирилди. Хусусан, янги Миллий иқтисодиёт вазирлигига Иқтисодиёт ва бюджетни режалаштириш вазирлиги, Минтақавий ривожланиш вазирлиги, статистика, табиий монополияларни назорат қилиш, рақобатни ҳимоялаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича агентликлар киритилди. Муассасани собиқ иқтисодиёт вазири Ерболат Досаев бошқаради.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирликлари бирлаштирилди, маданият ва спорт, инвестиция ва тараққиёт ҳамда энергетика вазирликлари ташкил этилди. Фавқулодда фазиятлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги таркибига киритилди. Бюджетни режалаштиш ишлари эса молия вазирлиги вазифалари доирасидан жой олди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилиб, унга атроф-муҳит ва сув ресурслари муҳофазаси, балиқчилик хўжалиги ҳамда сув ресурсларини бошқариш вазифалари юклатилди.
Назарбоев ҳукуматни қайта тузишнинг давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда муҳим эканлигини таъкидлаб, «Қисқартирилаётган вазирлар ҳеч қандай айб иш қилмади. Ҳукумат менинг топшириғимдан келиб чиқиб, уларни ишга жойлаш бўйича қарор қабул қилади. Улар ўз соҳасида ўринбосар бўлиб ишлайди», — деб қайд этди.
Изоҳ (0)