Донецк вилояти Шахтёрск шаҳридаги жанглар натижасида 10 нафар ҳарбий ҳалок бўлиб, 13 нафари жароҳатланди. 11 десантчи изсиз йўқолганлар рўйхатидан жой олди. Барча қурбонлар ва жароҳат олганлар бошқа ҳудудга олиб ўтилди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари десант қўшинлари маълумотига асосланиб, Euronews хабар берди.
Аксилтеррор операция штаби ахборот марказининг маълум қилишича, Украина ҳарбийлари қисмларни бошқа ерга кўчираётганда пистирмага тушган.
Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг ахборот маркази вакили Андрей Лисенконинг сўзларига кўра, айирмачилар Шахтёрскни назорати остида сақлаб қолиб, ҳарбийларни киритмасликка уринмоқда. «Негаки Шахтёрск Донецк вилоятини Луганскдан ажратишда муҳим ҳудуд ҳисобланади», — дейди Лисенко.
Шу билан бир вақтда 1 август, жума куни Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 101 нафар халқаро мутахассисдан иборат гуруҳи Малайзия «Боинг»и ҳалокатга учраган жойда тергов-қидирув ишларини олиб борди. Бу ҳақда Украина Бош вазири ўринбосари Владимир Гройсман маълум қилди.
Ўз навбатида, Россия авиация назорати ташкилоти Голландия раислигидаги тергов-қидирув комиссиясига авиаҳалокат билан боғлиқ сўралган маълумотларни тақдим этди.
Изоҳ (0)