Германиянинг Вупертал шаҳридаги синагога (яҳудийлар ибодатхонаси) сешанбага ўтар кечаси уч нафар нотаниш кимса томонидан уюштирилган «Молотов» коктейллари ҳужумига дучор бўлди. Воқеа натижасида ҳеч ким жабр кўрмади. Бу ҳақда Rheinische Post нашрига асосланиб, «РИА Новости» хабар берди.
Полиция синагога яқинида 18 ёшли гумондорни қўлга олишга муваффақ бўлди. Қолган икки нафар жиноятчи беркинишга улгурди.
Ҳозирда бинога етказилган зарар мутахассислар томонидан ҳисоблаб чиқилмоқда.
ОАВ маълумотларига кўра, бир неча кун аввал интернетда Эссен шаҳридаги синагогага ҳужум уюштириш билан боғлиқ таҳдид пайдо бўлган эди.
Минглаб кишининг умрига зомин бўлаётган Исроилнинг Ғазо секторида давом этаётган операциясига қарши Германияда фаластинликларни қўлловчи намойишлар ўтказилмоқда.
Германия полицияси сўнгги бир неча ҳафтадан бери синагога сингари яҳудийларнинг маданий ва ижтимоий марказлари хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча чораларни кўрмоқда.
Изоҳ (0)