Ўзбекистон олий таълим муассасаларига 2014 йил 543 мингдан зиёд абитуриент ариза топширди. Бу мустақиллик йилларидаги мутлақ рекорд кўрсаткич ҳисобланади, деб маълум қилди «Кун» Gazeta.uz хабарига асосланиб.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази маълумотларига кўра, ҳар бир талабалик ўрни учун ўртача тўққиз нафар абитуриент даъвогарлик қилмоқда.
Энг катта танлов Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалида кузатилган бўлиб, ҳар бир ўрин учун 20,8 киши даъвогар экани қайд этилди (жами 135 ўринга 2,8 минг даъвогар).
Шунингдек, Қарши (1245 ўринга 20,65 минг ариза, ҳар бир ўринга 16,59 даъвогар) ва Термиз давлат университетларида (1690 ўринга 27,55 минг ариза, ҳар бир ўринга 16,3 даъвогар) ҳам юқори танлов кузатилган.
Энг кўп ариза, 2013 йилдаги каби Термиз давлат университетига берилган. Иккинчи ва учинчи ўринни Жиззах давлат педагогика институти (22 минг) ва Андижон давлат университети (20,8 минг) эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, 2013 йили ўқишга кириш учун 480 мингдан ортиқ абитуриент ариза топширган, ҳар бир ўрин учун эса ўртача 8,5 киши даъвогарлик қилганди.
Аввал хабар берганимиздек, 2014—2015-ўқув йили учун 58 мингга яқин талаба қабул қилинади. Ўзбекистон олий таълим муассасаларига кириш тест имтиҳонлари 1 август куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)