15 июль куни Москванинг «Славян сайилгоҳи» («Славянский бульвар») — «Ғалаба боғи» («Парк Победи») метро йўналишида сигнализация тизимининг ишлаб кетиши натижасида ҳаракатланаётган поезд кескин тўхтаб, вагонлари рельсдан чиқиб кетди. Тахминларга кўра, ушбу ҳодисага кучланишнинг сакраши сабаб бўлган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Бугун соат 08:39 (Тошкент вақти билан 09:39)да Москвадаги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бош бошқармасига Арбатско-Покровский метро линиясида ҳаракатланаётган поезд йўловчиси қўнғироқ қилиб, поезднинг кескин тўхтаб қолгани ҳақида хабар берди.
08:45 да воқеа содир бўлган жойга қутқарувчилар етиб келди.
Сўнгги маълумотларга кўра, 16 йўловчи ҳалок бўлган ва бир неча ўнлаб киши жароҳатланган. Қурбонлар сони ўсиб бормоқда.
Воқеа содир бўлган жойга «Биринчи ёрдам» кўрсатувчи 60 бригада, жароҳатланганларни шифохонага етказиш учун бир неча вертолёт жалб этилган.
Содир бўлган воқеанинг расм ва тафсилотлари қисқа муддатда ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалди.
Изоҳ (0)