Американинг Apple компанияси унинг хизматлари Хитой хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги ҳақидаги Хитой давлат ОАВлари томонидан берилган ахборотни рад этди. Раддия компаниянинг Хитойдаги сайтига жойлаштирилди, деб хабар берди «Интерфакс» TechTree маълумотига асосланиб.
Ўтган ҳафта Хитой марказий телевидениеси (CCTV) Apple қурилмаларидаги турган жойни аниқлаб берувчи Frequent Locations («Кўп ташриф буюриладиган жойлар») хизматининг давлат хавфсизлигига таҳдид солиши ҳақида маълум қилди. Унга кўра, iPhone смартфонлари ва iPad планшетлари фойдаланувчилар қаердалигини аниқлайди. Тез-тез бориладиган жойларни эса «ёдда сақлаб» қолади. Бундай маълумотларнинг давлат чегарасидан чиқиб кетиши эса хавфсизликка таҳдид солиши ва ҳатто мамлакат иқтисодига зарар етказиши ҳам мумкин, дейилади телевидение хабарида.
Apple ўз раддиясида ҳеч қачон бирор-бир давлатнинг ҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилмагани ва бундан кейин ҳам қилмаслигини таъкидлади.
Компания «Биз мижозларимизнинг шахсий маълумотлари дахлсизлигини қадрлаймиз», — деб, Frequent Locations хизматининг ишлаш механизмини тушунтириб берди.
АҚШ томонидан жосуслик амалга оширилиши мумкинлигидан келиб чиқиб, Хитой ҳукумати жорий йилнинг май ойида мамлакат банкларига IBMнинг серунум серверларидан эмас, маҳаллий маҳсулот ва хизматлардан фойдаланишни таклиф қилган эди. Давлат компанияларига эса америкалик маслаҳатчилар билан алоқаларни камайтириш ҳақида буйруқ берилган.
Бундан ташқари, Хитой ҳукумати давлат муассасаларида фойдаланишда бўлган ёки улар томонидан харид қилинаётган барча компьютерларга Windows 8 операцион тизимини ўрнатишни тақиқлаб қўйди.
Изоҳ (0)