Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида рапид яъни тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Дунёнинг етакчи гроссмейстерлари иштирокида бўлиб ўтган мусобақада 15 имкониятдан 11 очко жамғарган норвегиялик Магнус Карлсен биринчи ўринни эгаллади. Ундан ярим очко кам жамғарган Фабиано Каруано (Италия) иккинчи, Вишванатан Ананд (Ҳиндистон) эса учинчи ўринни эгаллади.
Нуфузли мусобақада Ўзбекистоннинг тўрт нафар шахмат устаси ҳам иштирок этди. Улар орасида энг юқори кўрсаткичга 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов сазовор бўлди. Рустам 15 партиядан учтасида ғалаба қозониб, тўққиз ўйинда дурангга имзо чекди ва 15 имкониятдан 7,5 очко жамғарди. Сўнгги олти турда умуман мағлубиятга учрамаган Тоҳир Воҳидов якунда 7 очко жамғарди. Қолган икки нафар спортчи Жаҳонгир Воҳидов ва Сергей Қаюмовлар 6,5 тадан очко тўплади.
19—20 июнь кунлари Дубай шаҳрида блиц бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади. Швейцарча тизимда 21 турдан иборат бўлган мазкур мусобақада 43 давлатдан 116 нафар спортчи (98 нафари халқаро гроссмейстер) ғолиблик учун дона суради.
Ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини Рустам Қосимжонов, Тоҳир Воҳидов, Сергей Қаюмов ва Жаҳонгир Воҳидов ҳимоя қилади.
Изоҳ (0)