Руминиялик хакер АҚШ ҳукумати мансабдор шахслари ва икки нафар собиқ президенти қариндошларининг Facebook’даги аккаунтини бузганликда айбланмоқда, дея хабар беради Huffington Post.
«Guccifer» номи билан машҳур бўлган, Буш оиласининг шахсий расмларини оммага тарқатган Марчел Лехел Лазар 12 июнь куни Виржиния штатининг федерал суди томонидан айбдор деб топилди.
42 ёшли Лазар интернет товламачилиги ва рухсатсиз бировнинг компьютерига кирганликда айбланди.
2013 йилнинг 7 февралида бир нечта нашрларда пайдо бўлган расмлардан бири катта Жорж Буш касалхонадалигини тасвирлаган бўлса, қолган иккитаси Бушнинг автопортретлари эди. Уларда Guccifer имзоси мавжуд бўлган.
Айбловда айтилишича, Лазар ўз исмини яширган ҳолда ушбу расмларни оммавий ахборот ташкилотларига тарқатган. Шунингдек, 2013 йилнинг март ойида Лазар ҳукуматга тегишли бошқа шахснинг Facebook'ига рухсатсиз кирган.
Хабарларга кўра Лазар ҳозир Европа қамоқхоналарининг бирида сақланмоқда.
Изоҳ (0)