Англиянинг Вустершир графлигида жойлашган сафари-паркдаги фил қолдириб кетилган iPhone’дан фойдаланиб, ўзини суратга олди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.
Ҳайвонот боғига ташриф буюрганлардан бири Скотт Брайерли машинада ўтириб ҳайвонларни суратга олаётган вақтида телефонини тушириб қўйган. Назоратчилар унинг йўлда давом этишини талаб қилишган.
Бироз вақтдан сўнг унга телефонини топиб беришган. Уни ёқиб, фойдаланувчи филнинг селфисини кўрган ва ҳайратдан ёқа ушлаган. Латаби лақабли фил хартуми билан экранга тегиб кетиб, тасодифан ўзини суратга олгани маълум бўлди.
Латаби бирйўла иккита селфи тушириб, эҳтимол дунёдаги илк фил селфиси муаллифига айланди.
Назоратчилардан бирининг айтишича, боғда кўпчилик телефонини тушириб қўяди, бироқ аввал бундай ҳодиса кузатилмаган. «Биз Латаби билан фахрланамиз», — деди у.
Изоҳ (0)